Ислом цивилизацияси маркази «тарих, бугун ва келажакни боғлайдиган, тараққиётимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган ақл-тафаккур маркази бўлиши зарур», деди президент.
Жума куни Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Унинг қурилиши қарийб тўрт йилдан бери давом этмоқда, бугунги кунда пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Мажмуанинг биринчи қаватида музей омбори, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни сақлаш хоналари жойлашган. Бинонинг 65 метр баландликдаги гумбази остига эса Ислом оламининг дурдонаси бўлмиш Усмон мусҳафи қўйилиши режа қилинган.
Ислом цивилизацияси марказининг қурилиши 2017 йил декабрда таҳминан 413,5 млрд сўмга баҳоланган эди. Бугунги кунга келиб қурилиш ишлари баҳоси 4 баравар — 1,7 трлн сўмгача ($161,8 млн) ошиб кетди. Лойиҳа «Трест-12» томонидан амалга оширилмоқда.
Президент қарорига асосан Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази «Учинчи Ренессанс — Янги Ўзбекистон» ғоясини тарғиб қилувчи, мамлакатнинг янги юксалиш давридаги ютуқларни илмий асосда ўрганувчи ва кенг жамоатчиликка етказувчи марказга айлантирилади.
Олмазор туманида «Ислом цивилизацияси маркази» қурилиши учун ҳудуддаги 241 та хонадон бузилишга тушган. Уларнинг 237 таси бузиб бўлинди, қолган 5 та хонадон эгаларига уй-жой ажратиш ишлари олиб борилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг